Тенглар ичра тенг

Тенглар ичра тенг

БМТ: 02.03.1992.

Иккинчи жаҳон уруши тугади. Унинг оқибатларига барҳам бериш, халқ хўжалигини изга солиш, энг муҳими, бўлиб ўтган қирғинбарот жангларнинг қайта такрорланмаслиги чораларини кўриш зарур эди.         Барча давлатларнинг ҳаракатини бирлаштиришга хизмат қилувчи халқаро ташкилотга зарурат сезилди ва у 1945 йилнинг 24 октябрида тузилди ҳамда Бирлашган миллатлар

ташкилоти (БМТ) деб аталди.

Унинг мақсадлари:

- дунёда тинчликни таъминлаш;

- халқлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантириш;

- очарчилик, касалликлар ва саводсизликга барҳам бериш мақсадидаги ҳаракатларни бирлаштириш;

- экологик ҳалокатнинг олдини олиш;

- инсон ҳуқуқлари ва эркинларига ҳурмат билан қарашни рағбатлантиришдир.

БМТга дастлаб 51 давлат аъзо бўлган. Ҳозирда уларнинг сони 191 ни ташкил қилади. БМТ қароргоҳи АҚШ нинг Нью – Йорк шаҳридадир. Унга Бош котиб раҳбарлик қилади.

Мана 75 йилдирки, бу ташкилот ер юзида мустаҳкам тинчлик учун курашиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилнинг      2 мартида БМТга қабул қилинди ва мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблиясида 1993 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган 48-сессияда илк бор маъруза қилган бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айни нуфузли ташкилотнинг 2017 йил сентябридаги 72-сессиясида ўз маърузаси билан қатнашганлар.

2002 йил кузининг биринчи ойида БМТ Бош котиби Кофе Анан, 2010 йилнинг апрель ойида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистонга ташриф буюрганлар. Бундан сал кам уч йил муқаддам БМТ нинг Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатимизга келди ва Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Ўзбекистон БМТ нинг бир қатор ихтисослаштирилган муассасалари, жумладан, жаҳон банки, халқаро валюта фонди (ХVF), жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), БМТ нинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси (ЕИК), БМТ савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси гуруҳи кабилар билан кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

                        Наргиза Жуманиёзова,

                 40-умумий ўрта таълим мактаби-

                 нинг тарих фани ўқитувчиси.