Тафаккур ва маънавиятимиз асоси

2020 йил - Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили

 

Тафаккур ва маънавиятимиз асоси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай сўзларни ўқиймиз: “... Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб ўргансак, ишимизни пухта ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради.”

Машғулотлар тугаб, уйга шошилаётган эдим. Кўча эшиги олдида ўқувчиларимдан бирини учратиб қолдим. У мен томонга юрди. Яқинлашиб:

- Сизни кутаётгандим, устоз,- деди.

- Нима гапинг бор эди, - сўрадим ундан.  

- Инглиз тилидан қўшимча сабоқ ол-моқчиман.

- Айнан нимани ўрганмоқчисан, ахир ўқишларинг яхши-ку.

- Таржима санъатига қизиқиб қолдим, бироз қийналяпман.

 - Майли, албатта, ўргатганим бўлсин.

Вақт ажратишга ваъда бериб, йўлимда давом этдим.

Ҳозирги ёшларнинг билимга чанқоқ, ўзларига талабчан, интилувчанлиги мени ҳайратга солади. Шундай шогирдларим борлигидан фахрланиб кетаман. Уларга яратилган шароит ҳам шунга монанд.

Кейинги йилларда таълим соҳасида улкан янгиланишлар рўй берди. Билим масканларини қуриш, таъмирлаш ишларига эътибор кучайди. Шу мақсадлар учун мисли кўрилмаган миқдорда маблағ сарфланмоқда. Ўқитувчи ва мураббийларнинг ойлик маошлари бир неча марта кўтарилди. Уларнинг ҳурмат-эътибори ортди. Имкониятлардан кенг фойдаланаётган ўқувчи ёшлар нафақат вилоят, рес-публика миқёсида ўтказилаётган, балки халқаро танловларда ҳам муваффақиятли қатнашиб, юқори ўринларни эгалламоқ-далар.

Ўқитувчилик касбини танлаганимдан бахтлиман. Ҳар куним ўргатиш, ўрганиш билан кечади. Инглиз тилининг аҳамияти, дунё миқёсида тутган ўрни, афзалликлари ҳақида тўхталиш билан бирга, аввало она тилимизга меҳр қўйишимиз зарурлигини қайта-қайта таъкидлайман.

Ҳар қандай фанни ўзлаштиришда қўшимча адабиётлардан фойдаланишнинг самараси каттадир. Ўзим ҳам устоз сифатида ана шу ақидага амал қиламан.  Ўқитувчи синф хонасига ҳамиша мавзуга алоҳида тайёргарлик кўрган ҳолда, аниқ мақсадни кўзлаб кириб бориши керак. Шундагина кутилган натижага эришилади. Машғулотдан-машғулотга билими чуқурлашаётган ўқувчининг кундан-кунга қизиқиши ҳам кучайиб бораверади. Уларнинг ўз фикрларини инглиз тилида ёрқин ифодалашларидан қувонаман. Ўзлари ўрганаётган тилда сўзлашувчи халқлар тарихи, маданияти, санъати, адабиёти, миллий қадриятларини яқиндан билишлари дунёқарашларини кенгайтиради. Шу боисдан саволларини жавобсиз қолдирмайман, таклифларини маъқуллайман. Шуларни ҳисобга олган ҳолда янги ўқув қўлланмаси чоп этиш ниятидаман.

Илм, маърифат бевосита тарихий  тафаккуримиз, миллий маънавиятимизни қамраб олувчи тушунчалардир. Тобора илдамлаб бораётган замонда анъаналаримизга чексиз садоқатимизни намоён қилиб, янада юксак чўққиларни забт этишимиз зарур. Шогирдларимга шу мақсад йўлидаги интилишларида муваффақиятлар тилайман.

                            Алъфия ҒАФФОРОВА.

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўқитувчиси.