Пухта ҳозирлик кўрилди

Пухта ҳозирлик кўрилди

Туманда ғалла ўрим-йиғими бошланиши олдидан семинар-кўрик ташкил этилди. Унда сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, тадбиркорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок қилдилар. 

Бу йил туманда 1800 гектар майдонда буғдой етиштирилди. Ўримни тез ва соз ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. Мавсумни сифатли ва қисқа муддатларда якунлаш мақсадида 14 отряд ташкил қилиниб, замонавий ўрим техникалари жалб этилган. Кунига 550-600 тоннадан ҳосилни ўриб, қабул пунктларига етказиб бериш режалаштирилган.  
Тадбирда йўл ҳаракати, техника хавфсизлиги, тежамкорлик, унумдорлик, ишчиларга етарли  меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.  Экологик меъёрларни бузмаслик, дов-дарахтларга шикаст етказмаслик, далаларда тўпланиб қоладиган сомон ғарамларига ўт қуйиб,  тупроқни зарарламаслик хусусида йўл-йўриқлар кўрсатилди. 
Туманимиз ғаллакорлари бу йил 5027 тонналик улкан хирмон яратишга бел боғлаганлар. 
                       

  Нодир ЮСУПОВ.