Мижоз табассуми энг катта ютуқ

Мижоз табассуми энг катта ютуқ

Гулнора Юнусова моҳир тикувчи. Бу касбни эгаллаганига ўттиз йилдан ошди. Мустақиллик шарофати билан тадбиркор сифатида ўз фаолиятини йўлга қўйди. Бир қанча-кўрик танловларда қатнашиб, ўз брендларини намойиш этди, юқори натижаларни қўлга киритди.

- 2010 йилдан “Хунарманд” уюшмасига аъзо бўлдим. Бундан икки йил муқаддам ўттиз миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, фаолиятимни кенгайтирдим. Бу маблағга харид қилинган замонавий тикув машиналари иш сифатини оширишга, ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Биз тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратилган, - дейди Гулнора опа мамнуният билан.

Оиланинг мустаҳкамлиги, файзи, тўкислиги кўпроқ аёлга боғлиқ. Маънавий муҳит қанчалик соғлом бўлса, фарзандлар ҳам шунга яраша эсли-ҳушли, хушмуомала, самимий, юксак эътиқодли инсонлар сифатида камол топадилар. Шарофаддин ака ва Гулнора опа тарбиясини олган икки ўғил ва бир қиз ҳаёти ана шу фикримизга мисол.

Тадбиркор кўплаб шогирдлар тайёрлаган.

- Беш йил олдин устоз шогирдликка қабул қилганлар. Менга касб сирларини пухта ўргатдилар. Бугун ҳам ёнларидаман, яқин кўмакдошман. Ҳали-ҳанузгача ўрганадиганларим кўп. Нафосат Мадаминова, Гули Бобохонова, Азиза Маткаримова каби ёшлар менинг издошларим, - дейди Нодира Эшниёзова.

Ҳозирда вақт суръати тез. Қайси соҳада ишламанг, интилиш, изланиш зарур. Гулнора Юнусова буни яхши англаган. Янгиликлардан бохабар бўлиб боришга ҳаракат қилади.

- Энг катта ютуғингиз?

- Мижозларимнинг табассум билан раҳмат айтиб миннатдор боқишлари, - дейди кулиб моҳир тикувчи Гулнора Юнусова.

Ҳасанбой ИСМОИЛОВ.