Қимматга тушган лоқайдлик

Қимматга тушган лоқайдлик

Икки миллион икки юз ўттиз минг сўм – бу кимнингдир бир ойлик маоши, кимнингдир бир кунлик даромади, 
бошқа бировнинг эса анча вақтдан бери тежаб-тергаб йиғиб келаётган шахсий бойлигига тенгдир, балки. 

Аммо, 1983 йилда туғилган янгибозорлик И. Султонова учун бу пул йўл қўйган хатосининг бадали эвазига кўрган зарари бўлди. 
Ҳеч ким шу мақсадда маблағ жамғармайди, албатта. Топганимиз яхши кунларга буюрсин, дея ният қиламиз. Доим ҳалолликка, бировларнинг ҳақини емасликка интиламиз. Бироқ ҳаётда қоқилмаслик учун фақат  шу жиҳатнинг ўзи етарли эмас.   И. Султонова ҳам эзгуликнинг биргина юзи бўлади, деб янглишди. Тўғри, у бегонанинг ҳақидан ҳазар қилди.  Ишбилирмонлиги, меҳнати билан эътибор топди. Раҳбар сифатида кўрсатган биргина лоқайдлиги унга ташвиш келтирди.
 Ўзи бошқараётган  “Қармиш сўлимгоҳи” оилавий корхонасида карантин қоидалари бузилишига йўл қўйди. Санитария-эпидемология осойишталик маркази ходимлари томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида  ушбу камчилик аниқланди. Бу ерда тана ҳароратини ўлчаш учун контактсиз пирометрдан фойдаланилмаётгани, кириш-чиқиш эшиги олдида махсус зарарсизлантирувчи тўшама йўқлиги, ишчи-хизматчиларнинг тиббий ниқоб, қўл-қоп, антисептик воситалар билан таъминланмаганлиги юзасидан ҳужжат расмийлашти-рилди.
И.Султонова Ўзбекистон Республикаси МЖтК-нинг 54-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдори (223.000 сўм)нинг ўн бараварига тенг (2 миллион 230 минг сўм) жарима жазоси тайинланди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, йўл қўйилган биргина хатонинг – лоқайдлик ва эътиборсизликнинг оқибати айбланувчига анча қимматга тушди. 
                                             

Б.РАЖАБОВ,
                     туман маъмурий суди раиси.