Қарздорлик ҳисси билан яшайлик!

Қарздорлик ҳисси билан яшайлик!

5 июнда бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни нишонланди.

Инсоният ўз ҳаёти учун аввало, табиатдан қарздор. Бошимиз узра нур тараб турган Қуёш, мусаффо ҳаво, дарёларимизни тўлдириб оққан сув, боғларимизда муаттар ҳид таратиб етилган мевалар, ҳатто кўнглимизни яшнатиб ором бағишловчи турфа ранг гуллар, танга ҳузур шабадалар - буларнинг бари илоҳий эҳсон. Яралдик ва улардан баҳраманд бўлдик. 
1972 йил 5 июнда Стокгольм шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф-муҳитга бағишланган Конференцияси ўтказилди. Унда Бутунжаҳон атроф-муҳит кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу сана нафақат она ер туҳфаларини қадрлаш, балки мавжуд бой биологик хилма-хилликни асраш куни ҳамдир. Ҳозирда у юздан ортиқ давлатларда нишонланиб келинмоқда. 
Зеро, экологик вазият мураккаблашиб бораётган айни даврда атроф-муҳит муҳофазаси дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб вазифадир. Бугун инсоният ўзининг ғоят қалтис муаммолар қуршовида турганлигини тушуниб етди. Жаҳон миқёсида юз берган жараёнлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши, биохилма-хилликнинг қисқариши, ичимлик сувининг ифлосланиши ва етишмаслиги, ўрмонларнинг камайиб кетиши, чўлланишнинг ортиши, тупроқ инқирози глобал экологик вазиятни вужудга келтирди. Орол денгизининг қуриши эса минтақамиз учун катта фожеадир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра ҳавонинг ифлосланиши натижасида йилига 7 миллион киши ҳалок бўлар экан. Ифлосланиш нафақат инсон, балки атроф муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Она табиат неъматларининг бойишига ҳисса қўшиш, уни келажак авлодга ўз таровати билан етказиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Бироқ, ана шу бурчни унутиб қўяётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Кўчалар, йўл бўйларидаги  айрим нохуш манзараларни кўриб, таъбимиз хира тортади. Дуч келган жойга ташлаб кетилган маиший чиқиндилар, ариқларга улоқтирилаётган ахлатлар кайфиятни бузади. Хазонларни, эски ашёларни тутатиб ёқиш эса нафақат табиат, балки инсонлар соғлигига зарар етказишини англамаслик мумкинми?! Бундай муносабат ўзимиз, фарзандларимиз саломатлигига бўлган эътиборсизлик эканлигини англаб етмаймиз, аслида. Булар арзимас хато эмас. Улкан нуқсонлардан ҳам улканроқ гуноҳ.
  Ҳамон эсимда, бувамнинг гаплари. “Биз яйловларда чорва боқиб, чанқасак ариқдан энгашиб сув ичардик, қорнимиз очганда, нонни лойқа сувда ивитиб ер эдик.” Бугун-чи?! Айрим анҳорларда ҳатто қўл ювишга ҳам ботинолмайсан, киши. 
Азалдан поклик, озодалик тушунчалари руҳиятимизга сингдирилган экан, табиатга бефарқлик бизга ярашмайди. 
Юртимизда табиатни асраш, унга нисбатан меҳрли муносабатда бўлиш, айниқса, ёшларни табиатни севувчи, унинг моҳиятини чуқур идрок этувчи инсонлар қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда тарғибот, ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ўбекистон Экологик партияси фаолияти ҳам унга йўналтирилган.
Ватан деганда, аввало,  кўз олдимизда унинг ям-яшил дарахтзорлари, майсазорлари, виқорли тоғлари, мовий кўллари жонланади. Ана шу гўзалликни асраш табиатни асрашдир.  
                                               

   Афруз ЮСУПОВ,
                              Ўзбекистон Экологик партияси 
                              туман Кенгаши раиси.