Қарор қабул қилинди, аммо...

Қарор қабул қилинди, аммо...

Оила – муқаддас. Унинг дарз кетиши кўнгилсиз оқибатларга олиб келади. Кимлардир сабрли бўлиш, ҳаёт синовларини оқилона енгиб ўтиш ўрнига, турмуш қийинчиликларидан осонгина қутилишга уринадилар. Кўпинча бундан фарзандлар озор чекади. Отага ёки онага муҳтож, меҳрга зор, ўртада сарсон бўлиб қолади улар. 
Орамизда боши берк кўчадан чиқишнинг иложини тополмаётганлар кўп. Айниқса, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдира олмай қийналаётган ёлғиз аёлларнинг афсус-надоматидан кўнгил зирқирайди. Фаолиятимизда бундай ҳолатларга такрор ва такрор дуч келамиз. 
Фуқаро Матлуба Машарипова қарамоғидаги икки нафар фарзанди учун алимент ундириб бериш масаласида мурожаат қилди. Фарзандларнинг отаси Хурсанд Шихов эса белгиланган ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида тўлаши керак бўлган пулнинг озроғини бериб келаётганлигини, лекин М.Машариповага пулни қабул қилиб олганлиги тўғрисида тилхат ёздирмаганлигини айтиб, ўзини оқлай бошлади.  У енгиллик сўраб, уйини сотувга қўйганлигини ҳамда шу пулдан алимент учун бериладиган миқдорни тўлиқ қоплаб беришини билдирди. 
Суд Х.Шиховга нисбатан жазо тайинлашда унинг ўз қилмишидан пушаймонлигини, моддий ва оилавий аҳволини инобатга олиб, МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, 10 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. 
Муаммо ечимини топган бўлса-да, бу оиладаги муҳит барқарорлашди, ажрим балоси бартараф этилди дегани эмас. Ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, фарзандларнинг бахтли келажагини таъминлаш биз катталарнинг бурчимиз эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим. Мақсадимиз оила бутунлигига эришиш-дир. 
                                                   

 Б.РАЖАБОВ,
                             туман маъмурий суди раиси.