ИСТИҚБОЛДА МУҲИМ МАРРАЛАР

Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Янгиариқ тумани

Кенгашининг биринчи сессияси

ИСТИҚБОЛДА МУҲИМ МАРРАЛАР

Сессияда депутатлар билан бирга туман ҳокими ўринбосарлари, корхона-ташкилот, муассасалар  раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда округ, участка сайлов комиссияларининг раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилдилар.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан туман сайлов комиссияси раиси Й.Собировнинг ахбороти тингланди.

Таъкидландики, 2019 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Ушбу муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси талабларига мувофиқ ошкоралик, муқобиллик вазиятида ташкил этилди. Бу жиҳат сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида яққол сезилиб турди. Мавжуд 30 сайлов округига беш сиёсий партиядан 150 нафар депутатликка номзод рўйхатга олинди. Жойларда тушунтириш ва тарғибот ишлари намунали йўлга қўйилди.

Туманимизда 64419 нафар сайловчининг 46422 нафари яъни  72,1 фоизи сайловларда иштирок қилди ва ўзлари танлаган номзодлар учун овоз бердилар.

Кун тартибидаги иккинчи масала кўриб чиқилди - халқ депутатлари туман Кенгашининг Рег-ламенти ва доимий комиссиялари тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатга олинди. 

Кенгашнинг доимий комиссиялари тузилиб, раислари ва аъзолари сайланди.

Депутатлар Хоразм вилояти ҳокими томонидан Янгиариқ тумани ҳокими лавозимига тақ-        дим этилган номзодни тасдиқлаш масаласини ҳам муҳокама этдилар.

Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Г.Қурбонбоева вилоят ҳокими томонидан туман ҳокими лавозимига тақдим этилган 21-Аваз Ўтар сайлов округидан сайланган депутат Саидов Махсуд Ортиқовичнинг номзодини халқ депутатлари Янгиариқ тумани Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида тақдимнома киритилганлигини билдирди ва уни ўқиб эшиттирди.

Депутатлар номзодни қўллаб-қувватлаб гапирдилар. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган ишлардаги иштироки ва раҳбарлик салоҳияти ҳақида ижобий фикрларни билдирдилар. Саидов Махсуд Ортиқович номзоди Янгиариқ тумани ҳокими лавозимига қайта тасдиқланди.

Сессияда бошқа бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди. Кўриб чиқилган масалалар  юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

                  Ўз мухбиримиздан.